Линклар

Шошилинч хабар
27 июн 2025, Тошкент вақти: 21:18

"Соғлиги учун аввалдан пул тўласин!" Россиядаги муҳожирларга янги талаб


Сурат иллюстрация учун ишлатилди.
Сурат иллюстрация учун ишлатилди.

Россияда меҳнат муҳожирлари учун тиббий суғуртага оид қоидалар янада қаттиқлашиши мумкин. Суғурта полиси йўқ муҳожирни махсус рўйхатга олиб, депортация қилишни кўзловчи янги қонун лойиҳаси ёзилди.

Унинг муҳокамаси айнан муҳожирларга босим ортган, Москва ва Тошкент миграция масалаларида "муваффақиятли ҳамкорлик" ҳақида баёнотлар бериб турган бир пайтга тўғри келди.

Қонун лойиҳасини 18 июнда Россия Давлат Думасига ЛДПР партияси раҳбари Леонид Слуцкий бошчилигидаги депутатлар гуруҳи тақдим этди. Агар у қабул қилинса, муҳожир вақтинча яшаш рухсатномаси олиш учун суғурта полисининг нотариал тасдиқланган нусхасини кўрсатиши шарт бўлади. Акс ҳолда, ўлкадан чиқариб юборилади.

Муҳожирларга нисбатан қаттиқ танқидий баёнотлари билан танилган Слуцкий бу ташаббусни қуйидагича изоҳлаган:

“ЛДПР Россияда вақтинча ёки доимий яшаб келаётган чет элликларга тиббий хизматлар бепул кўрсатилишига қарши. Бу — ўз умрини мамлакат ривожига бағишлаган, асрлар давомида ҳисса қўшиб келган маҳаллий рус аҳолисига хос имтиёз. Шунинг учун партия барча муҳожирларни амалдаги мажбурий ёки ихтиёрий тиббий суғуртага эга бўлишга мажбурлашни таклиф этмоқда. Соғлиги учун аввалдан пул тўлаб қўйсинлар!”

Москванинг яқинидаги Сахарово миграция марказида муҳожирларни тиббий кўрикдан ўтказувчи ходимлар. Архив.
Москванинг яқинидаги Сахарово миграция марказида муҳожирларни тиббий кўрикдан ўтказувчи ходимлар. Архив.

Аслида ҳозир Россияда чет элликлар учун икки турдаги тиббий суғурта мавжуд: мажбурий ва ихтиёрий.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан ихтиёрий суғурта талаб қилинади. Лекин у кўпинча соғлиққа зарур ҳужжат эмас, балки полиция рейдларида кўрсатиш учун керак бўладиган бир қоғоз сифатида кўрилади.

Озодлик журналисти бу борада бир нечта муҳожир билан суҳбатлашди. Уларнинг бири, Санкт-Петербургда қурулишда ишлаётган, асли тарих ўқитувчиси бўлган андижонлик Қудрат патент олиш учун “ихтиёрий” тиббий суғурта полисини расмийлаштирган, лекин уни бирор марта ҳам тиббий ёрдам олишда ишлатмаган.

“Битта қонун чиқаришади. Ҳужжатларингни ўша қонунга мослаб угурмасингдан, иккинчи қонунни чиқаришади, унинг ортидан учинчи қонунни ёзишади. Ҳисобласам, битта одам ишлаши учун 10га яқин ҳужжат тайёрлашга мажбур. Унинг ҳаммаси пул. Агар тиббий суғурта олсангиз, "Тез ёрдам" билан касалхонага борганда бепул даволашаркан. Лекин касал бўлиб, поликлиникага бориб, бир кун ишдан қолиб, навбат кутиб ўтиргандан кўра, кўпчилиги ўзимизнинг духтирларга учрайди” - дейди у.

Маълумотларга кўра, Россияда тиббий суғурта нархи 3000–7000 рубл оралиғида бўлиб, айрим компаниялар ойига 100 рублдан тўланадиган “эконом” полисларни ҳам таклиф этишади.

Қудрат айтган “ўзимизнинг духтирлар” — ўзбекистонлик муҳожир шифокорлар. Ватандошлари уларга суғурта эмас, танишлик асосида мурожаат қиладилар. Айрим шаҳарлардаги касалхоналарда ҳам Марказий Осиёдан борган шифокорлар ишлашади, баъзилари ўзларининг шахсий клиникаларини ҳам очиб олишган.

Деярли 10 йилдан бери Новосибирда шифокор бўлиб ишлаётган қирғизистонлик Эламан Нурдиновга ҳам деярли кунига муҳожирлардан 2-3та одам қўнғироқ қилиб, маслаҳат сўрайди.

Эламан Нурдинов
Эламан Нурдинов

“Кўпчилиги тиббий суғуртанинг қандай фойдаси борлигини ва уни қандай ишлатишни яхши тушунишмайди. Айримлар буни фақат қаттиқ оғриб, касалхонага тушганидан сўнг, шифокор суғуртани сўраганда англаб етади. Ахир тиббий суғурта орқали пул тўламасдан даволаниш мумкин. Лекин тиббий саводнинг етарли эмаслиги сабабли кўпчилик бунга аҳамият бермайди. Касал бўлиб қолишса, биз каби танишларига қўнғироқ қилиб, даволанишга ҳаракат қилишади. Агар суғурта полиси билан келса, бемалол расмий тарзда даволаниш мумкин. Лекин муҳожирлар учун аксар ҳолда соғлиқдан кўра иш муҳимроқ".

Аммо айрим кузатувларга кўра, Россиядаги касалхоналарда шифокорларнинг меҳнат муҳожирларига бўлган муносабати ҳам расмий тиббий хизматдан фойдаланишдаги тўсиқлардан бири сифатида қайд этилади. Муҳожирлар кўп ҳолларда қўпол муомалага дуч келишини айтишади. Шунингдек, рус тилини яхши билмаслик ҳам уларнинг шифокорга мурожаат қилишини қийинлаштиради. Натижада, поликлиникаларга боришдан тийилиб, касаллик пайтида танишлар орқали даволанишга мажбур бўладилар.

Тиббий суғурта амалиёти дунёнинг бошқа давлатларида ҳам қўлланилади. Яъни, қайси бир мамлакатга ишлашга бормоқчи бўлганларда олдиндан суғурта бўлиши шарт. Россияда ҳам аллақачон суғурта масаласи қонунчиликда талаб сифатида белгиланган.

Лекин Тошкент ва Москва ўртасида 2017 йилнинг 5 апрелида қўл қўйилган шартномага кўра, ҳозирда ўзбекистонликлардан Россияга кириш пайтида тиббий суғурта талаб этилмайди. Буни юрист, migrant.uz платформаси муассиси Ботиржон Шермуҳаммад қуйидагича тушиндириб берди:

Ботиржон Шермуҳаммад
Ботиржон Шермуҳаммад

“Тиббий суғурта Россияда қонунчилик бўйича ҳозир ҳам мажбурий. Бу ўлкага кираётган чет элликларда тиббий суғурта бўлиши шарт. Лекин Россиянинг баъзи давлатлар билан икки томонламан шартномаси бор, унга кўра ўлкага киришда тиббий суғурта шарт эмас. Ўзбекистон билан Россия ўртасида шундай шартнома бор. Яъни, ўзбекистонликлар Россияга чегарасидан тиббий суғуртасиз ўтаверади. Лекин буни билган билади, билмаган билмайди. Масалан, Санкт-Петербургдаги аэропортда буни билмаганидан фойдаланиб, орган ходимлари муҳожирлардан пул олган ҳолатлар бўлган”.

Лекин ўзбекистонликлар Россия чегарасидан суғуртасиз бемалол ўтгани билан, барибир патент учун тиббий суғурта олиши керак, бусиз меҳнат шартномаси тузилмайди. Бу қоидалар ҳозирги қонунларда бор бўлишига қарамай, ҳуқуқшунослар янги қонун лойиҳаси қабул қилинса, у нимага хизмат қилиши борасида аниқлик йўқлигини қайд этишади.

“Менинг тушунишимча, энди патентсиз ишлаётганлардан ҳам тиббий суғурта талаб қилишни кўзлаётган бўлиши мумкин. Қонун лойиҳаси билан танишиб чиқишимиз керак. Баъзида депутатлар миграция қонунларини ўзлари яхши тушунмасдан, шунақа ташаббуслар билан чиқаверишади. Буни ўрганиш керак” - дейди Ботиржон Шермуҳаммад.

Қонун лойиҳасини дастаклаётган депутат Слуцкийнинг сўзларига кўра, Россия сўнгги беш йилда муҳожирларнинг тиббий хизматларига 66 миллиард рубл сарфлаган. Фақат Москвада 500 та ҳолатда сохта суғурта билан бепул даволанган муҳожирлар аниқланган.

Тиббий суғурта — бу муҳожирнинг саломатлигига бўлган эътиборининг ва хавфсизлигининг кафолатларидан бири.

Инсон кутилмаганда касал бўлиб қолганда ёки жароҳат олганда, агар суғурта полиси бўлмаса, уни шифохона қабул қилмаслиги, ёки жуда катта пул талаб қилиниши мумкин. Суғурта орқали бу хизмат тўлиқ ёки қисман бепул бўлади.

Суғурта компаниялари суғурта полисларини сотиш орқали даромад олади ҳамда тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида шифохоналар, поликлиникалар ва бошқа тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари тузади. Бундай шартномалар асосида суғурта қилдирувчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш, хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш ва тиббий хизматларнинг сифатини назорат қилиш тартиблари белгиланади.

Россияда сўнгги пайтларда муҳожирларга нисбатан бир қанча чекловчи қонунлар қабул қилинди. Шу билан бирга, полиция ва куч ишлатар тузилмаларнинг муҳожирларга нисбатан босими кучайган. Ҳукумат бундай ҳолатларни "қонунсиз миграцияга қарши рейд" деб баҳоламоқда.

Жорий йилнинг 30 июнидан бошлаб, муҳожирлар Россияга жўнашдан 72 соат олдин ариза топшириб, келиш мақсадини махсус сайт ёки иловада кўрсатиши талаб этилади.

19 июн куни президент Владимир Путин Россия ва Ўзбекистон миграция масалаларини биргаликда ҳал қилишини маълум қилган. Аввалроқ эса Ўзбекистон президентининг қизи Саида Мирзиёева (ҳозирда президент админстрацияси раҳбари) Москвада бош вазир Михаил Мишустин билан учрашиб, патент олиш жараёнининг бир қисмини Ўзбекистонда амалга оширишни таклиф этган. Агар бу амалга ошса, тиббий суғурта муаммоси ҳам Ўзбекистоннинг ўзида ҳал бўладими, буниси ҳозирча аниқ эмас.

11 июн куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Акмал Бурҳонов журналист саволига жавоб берар экан, Россияда ишлаб юрган ўзбекистонликлар сони ҳозир бир миллиондан камлигини, 7-8 йил аввал бу кўрсаткич 5-6 миллион атрофида бўлганини айтган. Унинг таъкидлашича, ҳукумат фуқароларни бошқа давлатларга бориб ишлашга йўналтирмоқда.


Форум

XS
SM
MD
LG